This post is also available in: Russian

 “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасига кўра, Хўжалик шартномаси шартнома предметини етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра ўзаро келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг муҳим шартлари

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 853-моддасига асосан, Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак: шартнома бўйича ишончли бошқаришга бериладиган мол-мулк рўйхати; фойда олувчи тўғрисидаги кўрсатма; ишончли бошқарувчининг ҳисоботлар тақдим этиш муддатлари; ишончли бошқариш бекор қилинган тақдирда мол-мулкни оладиган шахс; агар ҳақ тўлаш шартномада назарда тутилган бўлса, ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори ва шакли. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлмаган тақдирда, шартнома тузилмаган ҳисобланади. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида тарафлардан бирининг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, шартнома унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган деб ҳисобланади. Ишончли бошқаришга топшириладиган айрим турдаги мол-мулклар учун қонунда шартнома амал қилишининг бошқа энг кўп муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.

Суғурта шартномасининг муҳим шартлари

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 929-моддасига асосан, Мулкий суғурта шартномаси тузишда суғурта қилдирувчи билан суғурталовчи ўртасида қуйидагилар тўғрисида келишувга эришилиши лозим: суғурта объекти бўлган муайян мол-мулк ёхуд бошқа мулкий манфаат тўғрисида; юз бериши эҳтимол тутилиб суғурта амалга оширилаётган воқеа (суғурта ҳодисаси)нинг хусусияти тўғрисида; суғурта пули миқдори тўғрисида; суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида, агар шартномада уни суғурта пулидан оз миқдорда тўлаш мумкинлиги назарда тутилган бўлса; суғурта мукофотининг миқдори ва уни тўлаш муддати (муддатлари) тўғрисида; шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисида. Шахсий суғурта шартномаси тузишда суғурта қилдирувчи билан суғурталовчи ўртасида қуйидагилар тўғрисида келишувга эришилиши лозим: суғурталанган шахс тўғрисида; суғурталанган шахс ҳаётида юз бериши эҳтимол тутилиб суғурта амалга оширилаётган воқеа (суғурта ҳодисаси)нинг хусусияти тўғрисида; суғурта пули миқдори тўғрисида; суғурта мукофотининг миқдори ва уни тўлаш муддати (муддатлари) тўғрисида; шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисида.

Лизинг шартномасининг муҳим шартлари:

лизинг объектининг тавсифланиши (лизинг объектининг миқдори, сифати, рўйхати, контракт қиймати ва бошқа кўрсаткичлари) ва шартнома умумий пул суммасининг кўрсатилиши; тарафларнинг лизинг объектини олиш ва бериш билан боғлиқ мажбуриятлари; лизинг объектини бериш тартиби, шу жумладан, лизинг объектини етказиб бериш, монтаж қилиш ва фойдаланишга топшириш тартиби; лизинг тўловларини тўлаш шартлари, миқдорлари, муддатлари ва тартиби; лизинг объектидан фойдаланиш, унга қараш, уни сақлаб туриш ва таъмирлаш юзасидан тарафларнинг мажбуриятлари; шартноманинг амал қилиш муддати;сотувчи ва лизинг объектини танлаш учун масъул тарафнинг кўрсатилиши.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномаларга қўйиладиган талаблар:

Шартномаларда қуйидагилар кўрсатилади:шартноманинг мавзуси, маҳсулотнинг номи, ассортименти, миқдори (ҳажми), сифати, нархи (турлари бўйича);шартноманинг умумий суммаси;томонларнинг ҳуқуқлари ва ўзаро мажбуриятлари; маҳсулотларни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари); идишга, маркировка қилишга, ўраш-жойлашга қўйиладиган талаблар; ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари; шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги; низоларни, форс-мажор ҳолатларни ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.