Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасининг муҳим шартлари

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 853-моддасига асосан, Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак: шартнома бўйича ишончли бошқаришга бериладиган мол-мулк рўйхати; фойда олувчи тўғрисидаги кўрсатма; ишончли бошқарувчининг ҳисоботлар тақдим этиш муддатлари; ишончли бошқариш бекор қилинган тақдирда мол-мулкни оладиган шахс; агар ҳақ тўлаш шартномада назарда тутилган бўлса, ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори ва шакли. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартлар бўлмаган тақдирда, шартнома тузилмаган ҳисобланади. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида тарафлардан бирининг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, шартнома унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган деб ҳисобланади. Ишончли бошқаришга топшириладиган айрим турдаги мол-мулклар учун қонунда шартнома амал қилишининг бошқа энг кўп муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.