1.  Нотариал тасдиқланмаган автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади.

                                                              Низонинг моҳияти

МЧЖ (даъвогар) ва МЧЖ (жавобгар) ўртасида 2014 йил 5 майда 22/14-сонли автотранспорт воситалари, юк кўтариш техникаси ва механизмларни экипажи билан ижарага бериш тўғрисидаги шартнома имзоланиб, шартномага кўра даъвогар томонидан жавобгарга 5 турдаги 9 дона технка воситалари ижарага берилган. Жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 266.945.161 сўмни ташкил этган бўлсада, ушбу пул маблағларини жавобгар ўз вақтида тўлаб бермаганлиги сабабли ушбу пул маблағларини ундириш бўйича судга мурожаат қилган.

                                               Жамият (даъвогар)нинг фикри

Даъвогар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажарган. Лекин жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаган. Суддан даъво талабини қаноатлантиришни сўраган.

                                               Жамият (жавобгар)нинг фикри

Жавобгар вакили даъвонинг асосий қарз суммасини қисман тан олиб, пеняни мутаносиб равишда камайтиришни сўраган.

                                                 Суднинг ҳал қилув қарори

Даъво талабларини қаноатлантириш рад этилсин.

                                                               Шарх

ЎзР Фуқаролик кодексининг 565-моддасига кўра, Транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.03.2006 йилдаги “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 38-сонли Қарорининг 2-бандига асосан, 2008 йил 1 декабрдан бошлаб:нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента), ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномаларини нотариал тасдиқлаш фақат “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланадиган, ҳимоя даражасига, серияга, тартиб рақамига ва ҳудудий кодга эга бўлган қатъий ҳисобот бериладиган гербли (махсус) бланкаларда амалга оширилади;нотариал тасдиқланган бошқа шахсга бериш шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак, фойдаланиш ва (ёки) тасарруф этиш ҳуқуқига ишончномалар ва ижарага бериш, текин фойдаланиш, гаровга қўйиш, лизинг шартномалари эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ДЙҲХХ органларида ҳисобга қўйилиши керак.Мазкур Қарорга илова сифатида қабул қилинган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низом”нинг 3-бандида ҳам автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши кераклиги белгилаб қўйилган.Бироқ, тарафлар ўртасида тузилган 22/14-сонли шартнома нотариал тасдиқланмаган ва ДЙХХ идораларида рўйхатдан ўтказилмаган.ЎзР Фуқаролик кодексининг 112-моддасига кўра, битимнинг нотариал шаклига ёки уни давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик битимнинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради. Бундай битим ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.Ушбу кодекскнинг 113-моддасига кўра, битим ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асосларга кўра, суд ҳақиқий эмас деб топганлиги сабабли (низоли битим) ёки бундай деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим).Ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатларини қўлланиш тўғрисидаги талабни ҳар қандай манфаатдор шахс қўйиши мумкин. Суд бундай оқибатларни ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли ҳисобланади.Юқорида қайд этилганларга кўра, суд даъвогарнинг ҳақиқий бўлмаган 2014 йил 5 майда 22/14-сонли автотранспорт воситалари, юк кўтариш техникаси ва механизмларни экипажи билан ижарага бериш шартномаси бўйича ижара ҳақини ундириш ҳақидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этишни лозим деб топган.