ТЕКШИРИШЛАРНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

Назорат қилувчи органлар текширишни тасдиқланган текширишлар режа-жадвали ёки Кенгашнинг қисқа муддатли текширишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги қарори, назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи ҳамда текшириш дастурига мувофиқ амалга оширади.

Назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириладиган субъект номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби, текшириладиган давр, текшириш ўтказиш муддати ва текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси кўрсатилади.

Қисқа муддатли текширишларни ўтказиш тўғрисидаги буйруқларда текшириладиган давр жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатларидаги ҳолатдан келиб чиқади.

Текширувчи мансабдор шахслар текшириш бошланишидан олдин хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарини (хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, шунингдек текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатлар (текширишлар режа-жадвалидан кўчирма ёки Кенгашнинг қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарори, назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи ва текшириш дастури) нусхаларини тилхат олинган ҳолда унга топширади.

Текширувчи мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъект томонидан тақдим этилган «Текширишларни рўйхатга олиш китоби»ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдириши шарт.

Текширишлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилади. Текшириш далолатномаси (маълумотномаси) камида икки нусхада тузилади.

Текширилган хўжалик юритувчи субъект ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада (маълумотномада) ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Шунингдек, текшириш ўтказиш вақтида хўжалик юритувчи субъектлари адвокат хизматидан фойдаланиши мумкин.